СОЧ ПАРВАРИШИ
Чиройли сочлар – бу аёлнинг ташриф қоғозидир. Ва фақат соғлом сочлар чиройли, қалин, эластик, порлоқ, яхши тикланувчан бўлиши мумкин. Уларнинг сири нимада?
Сочлар – ўз эгасининг умумий жисмоний ва руҳий ҳолатининг кўрсаткичидир. Доимий асабий ҳолат, ортиқча иш, албатта, сочларнинг ҳолатига таъсир қилади, эҳтимол уларнинг йўқолишига олиб келиши ҳам мумкин.
Шунинг учун, биринчи маслаҳат: агар сиз яхши сочларга эга бўлишни истасангиз, дам олишни ва стреcс билан курашишни ўрганинг. Бу вазиятда махсус сокинлаштирувчи машқлар ва валерианани (ёки бошқа тинчлантирувчи ўтларни) кунлик истеъмол қилиш ёрдам беради. Кўпгина касалликлар ва кучли диеталар сочларнинг ҳолати ва ташқи кўринишининг ёмонлашишига олиб келиши мумкин. Шунинг учун, агар сочингиз билан боғлиқ бирор ножўя ҳолат бўлса, шифокор-терапевтга боришни унутманг, таҳлиллар топширинг ва тананинг умумий ҳолатини текширинг. Сочлар қайси орган нотўғри ишлаётганини кўрсатиши мумкин. Қуруқ сочлар (ва бош териси) буйрак касаллигини, ёғли сочлар жигар касаллигини кўрсатиши мумкин.
Соч тўкилиши эндокрин тизим касалликлари, жигар ёки холецистит, эрта кулранг сочлар – қалқонсимон без касалликлари билан боғлиқ бўлиши мумкин. Агар керак бўлса, даволанишни бошланг, мувозанатли, тўйимли овқатланишга ўтишга ҳаракат қилинг, чунки бу ҳам сочлар ҳолатига таъсир қилади. Агар сочларнинг ҳолати шунчаки “фалокат”: жуда фаол равишда тўкилиш, соч тузилишининг ўзгаришларини намоён қилса, унда трихолог кўриниш керак бўлади, бу “даҳшатли” сўзнинг(трихолог) орқасида сочни даволаш бўйича мутахассис туради.
Агар жиддий касалликлар бўлмаса, лекин сиз сочларингиз яхшироқ кўринишини хоҳласангиз, у ҳолда энг асосий аёл қадриятларидан бирига қандай муносабатда бўлишимиз ва ҳар куни у ҳақида қайғуришмиз керакми деган саволга эътибор бериш керак бўлади. Сиз ҳаракатни поливитаминли комплекс (йилига 1 ойлик курс давомида витамин А – қора нонга сариёғ ва балиқ ёғи)ни танлаш билан бошлашингиз керак.
Куз мавсумида сочларингизни ёмғирдан ҳимоя қилиш керак бўлади. Ёмғир суви аёлнинг энг яқин дўсти бўлган даврлар ортда қолди. Шунинг учун, агар устки кийимингизда қалпоқ бўлмаса, ўзингиз билан соябон ёки рўмол олиб юришни унутманг. Ва агар сиз очиқ бошингиз билан ёмғирда қолсангиз, уйга қайтишингиз билан сочларингизни ювишни унутманг.
Қишда, гипотермия (агар сиз бош кийимсиз юрсангиз) ва қизиб кетиш (айниқса, агар сиз ўхшамаган соч турмагини яширишга ҳаракат қилиб, ташқаридан бирор бир муассасага кираётганда бош кийимингизни ечмасангиз) бир хил даражада ёмон, шунинг учун об-ҳавога мос бош кийим танлашга ҳаракат қилинг ва уни бино ичида албатта ечиб қўйинг.
Бошни тўғри тартибда ювинг. Биринчидан, соч турига мос шампунни (ёғли, қуруқ, нормал, комбинацияланган) танлашингиз керак. Бундан ташқари, комбинацияланган турдаги сочлар (илдизлари ёғли, узунлиги бўйлаб қуруқ) учун сиз ёғли сочларга мўлжалланган шампундан фойдаланишингиз керак. Ювиш учун сув жуда иссиқ бўлмаслиги керак (50 даражадан ошмаслиги керак), ёғли сочлар учун эса хона ҳароратидаги сувдан фойдаланиш яхшироқдир. Албатта, қайнатилган ёки фильтрланган сувдан фойдаланиш энг яхши йўлдир, лекин буни амалга ошириш учун одатдагидан кўра кўпроқ вақт керак бўлади, аммо натижа бунга арзийди. Ювишдан олдин сочларни яхшилаб тараш керак, натижада бошнинг қон айланишини яхшиланади ва эпидермиснинг корнеум қавати қолдиқлари ва ифлосланишнинг бир қисми (турмаклаш воситаларининг қолдиқлари) кетади. Шампунни қўлнинг кафтига суртиш керак, сув билан озгина суюлтирилади, кўпиртиргандан кейингина нам сочларга суртилади, бош терисини массаж қилинади ва сочлар “ғирчиллагунча” яхшилаб чайилади. Сочларнинг “ғирчиллаши” шампун қанчалик яхши танланганлигининг кўрсаткичидир. Ювиб бўлгандан сўнг, сочингизнинг бутун узунлигига кондиционер ёки бальзам суртинг ва сочларингизни совуқ сув (қўллар учун иссиқ ҳисобланган ҳароратдаги) билан ювинг. Ёки бальзам ўрнига табиий кондиционерлар – қичитқи ўти, маврак, қариқиз илдизи, қулмоқ мевалари, ялпиз, тинроқгул, мойчечаклардан фойдаланинг.
Сочингизни сувни яхши шимадиган сочиқ билан қуритинг ва ҳеч қандай ҳолатда ишқаламанг. Нам сочларни жуда эҳтиёткорлик билан тараш керак, чунки улар жуда нозик. Узун сочлар (ва нафақат нам сочлар) ҳар бир қисмни ушлаб, уч қисмидан таралиши керак, сўнгра сочни ўртасидан ва охиридан таралади. Калта сочлар илдизлардан бошлаб таралади. Соч кўп тўкилган пайтда уни тараш учун кам учрайдиган табиий тишли тароқдан фойдаланилади, ҳар қандай ҳолатда тароқ соч ва бош терисига зарар бермаслигига ишонч ҳосил қилиниши керак.
Сочлар керак бўлган пайтда ювилади ва кундалик равишда ювиш сочларнинг соғлиғи учун ҳар доим ҳам энг яхши ҳолат эмас, чунки бундай вазиятда сочлар қурийди. Аммо сочни ҳар қанчада ювиш оралиғи жуда индивидуал ҳолат бўлиб, ҳар ким уни ўзи учун танлайди. Масалан, ҳафтада бир марта, шампун ўрнига илиқ сув билан буғланган Бородино нони ёки тухум сариғи билан ювиш тавсия қилиниши мумкин.
Лекин, тавсия этилмайдиган нарса шуки, сочларни ҳар куни фен билан қуритмаслик керак. Агар иссиқ ҳаво билан тез-тез қуритишнинг олдини олишнинг иложи бўлмаса, намлантирувчи шампун ва силиконли ва намлантирувчи воситаларга эга кондиционер олинг ва сочни фенни бир жойда узоқ вақт тутиб турмаган ҳолда, минимал режимда қуритинг.
Кундалик равишда айниқса ётишдан олдин кечқурун, сочни тараш ва бош терисини массаж қилишга эътибор қаратинг, чунки процедура нафақат қон айланишини яхшилайди ва соч ўсишини кучайтиради, балки тинчланиш ва дам олишга ёрдам беради. Сочларингизни ҳар доим маҳкам тортмасликка ҳаракат қилинг, чунки бу ҳолда сиз уларнинг мўртлигини оширасиз. Мода тенденцияси – ленталар ва тасмаларни ҳисобга олган ҳолда, биз сочларимизни уларнинг ўсиш йўналишини бузмаган ҳолда йиғиб нафақат уйда, балки ишда ҳам дам олдиришимиз мумкин.
Вақти-вақти билан тикловчи соч маскаларидан фойдаланинг. Албатта, табиий маҳсулотлардан тайёрланган тайёр ниқоблардан фойдаланиш мумкин. Аммо, чиройли қадоқлар бизнинг қўлимизга тушгунга қадар, ушбу маҳсулотлар билан қанча кимёвий ўзгаришлар содир бўлишини ҳисобга олсак, биз уларни табиий шаклда ишлатишимиз мумкин бўлган халқ табобатига эътибор қаратишимиз керак. Кимёвий таркибга эга ниқобларнинг айнан қай бири сизга мос келишини ким аниқ билиши мумкин? Халқ табобати воситалари асрлар давомида синовдан ўтган. Профилактика учун – 50 мл ароқ ва бир чой қошиқ лимон шарбати аралаштирилади ва кунора 2 ҳафта давомида бош терисига суртилади. Ювишдан олдин бир дона тухум сариғи ва бир ош қошиқ кастор ёғидан (бодом, чакамуғ ёғи) ниқоб (бир чой қошиқ асал қўшилиши мумкин) тайёрланади, сочларга илиқ ҳолатда суртилиб, сочларни полиэтилен билан ўралади, устига эски юмшоқ сочиқ ёпилади ва ниқоб камида бир соат(ёки узоқроқ) ушлаб турилади.
Тез тайёрланадиган ниқоб учун рецепт: бир ош қошиқ коньяк ва бир дона тухум сариғини кўпиртириб, бир соат давомида сочларга суринг.
Сочингизни чиройли, қалин ва ёрқин қилиш учун сизга озгина меҳнат, сабр ва бир нечта ошкор қилинган сирлар керак бўлади.
Дина Сереброва. StyleHive.ru журнали учун махсус